Қуръоннинг инсонларни ожиз қолдириши
Қуръон арабларга ва бошқа халқларга ўзига ўхшаган бирорта китобни ёки унинг сураларига ўхшаш бирорта сурани келтиришни таклиф қилганда, уларнинг барчаси бу ишдан ожиз қолиши ҳақиқатан ҳам Қуръон Аллоҳнинг каломи эканлигига ёрқин далилдир.
Қуръон тушишидан олдин ва хусусан, Қуръон тушаётган пайтда арабларда сўз усталиги, адабиёт, шеър ва ваъзхонлик ниҳоятда юқори даражада эди. Йил давомида улар бир неча сайл ва маросимлар ўтказиб туришар эди. Хусусан, «Укоз» деган жойда шеър айтиш ва ваъзхонлик қилишда катта-катта мусобақалар ўтказилиб, машҳур ва улкан шоирлар мусобақа қатнашчиларига баҳо қўяр эдилар.
Арабларнинг бундай сўз усталигига икки сабаб бор эди: улар қабила-қабила бўлиб яшар эдилар. Бундай ҳаёт эса ўзаро тортишув, уруш ва фахрланишларга сабаб бўлади. Ҳар бир қабила бошқа қабилалар олдида ўзининг ҳурматини кўрсатиш учун ўзининг уста шоири бўлишига интилар эди. Шу билан бирга, бу шоир бошқа қабилаларни ҳажв қилиши ҳам керак эди. Шунинг учун ҳам улар шоирлик ва сўз усталигига катта аҳамият бериб, шоир ва сўз усталарини ниҳоятда қадрлар эдилар.
Шундай бир пайтда Қуръони Карим ўзининг ажойиб услуби, шифобахш ҳикматли сўзлари билан пайдо бўлиб, изтиробда ва тартибсиз ҳаёт кечираётган Арабистон яриморолидаги халқларнинг қалбига йўл топди.
Албатта, Қуръон ўша пайтдаги шоирлар ва сўз усталарининг асарларидан жуда ҳам устун турганлигидан шундай муваффақиятга сазовор бўлди. Араблар ҳам Қуръон уларни ожиз қолдирганидан сўнг ҳеч нарса дея олмай қолдилар. Қуръонни эшитган пайтда араб сўз усталарининг энг катталари ҳам унга бош эгдилар. Қуръон қаршисида машҳур шоирларнинг ҳам тили тутилиб қолди. Лекин кофирларнинг бошлиқлари янги динга киришдан ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг Пайғамбарлигига иймон келтиришдан бош тортиб, ҳақиқатга қарши бўлмағур нарсалар билан уруш очдилар. Улар Қуръонни «шеър» дедилар, «аввалги ўтган кишиларнинг афсоналари» деб ҳам кўрдилар. Муҳаммад алайҳиссаломни эса гоҳида «жинни» десалар, гоҳида «фолбин» дедилар. Лекин улар бу билан ҳеч нарсага эриша олмадилар.
Арабларнинг одати бўйича, бир-бирларидан сўзда усталигини исбот қилмоқчи бўлсалар, бир-бирларини тортишувга чақирар эдилар. Шу одатга биноан, Қуръон ҳам улардан ўзига ўхшаш бир нарса ёки суралардан бирига ўхшаш бир сура келтиришни талаб қилди. Шундай талабнинг бўлиши ва унинг Қуръонда зикр қилинишидан мақсад, бунга асрлар давомида тарих гувоҳ бўлсин, араблар ўзлари энг уста шоир ва ваъзхон бўлатуриб, Қуръон чақириғи олдида ожиз қолганлари бардавом эслатиб турилсин, дейишлик эди. Ҳатто замонлар ўтиши билан бирор-бир мунофиқ, бузғунчи чиқиб, Қуръон арабларни ожиз қолдирган эмас, агар араблар хоҳласа, Қуръонга ўхшаш китобни туза олар эдилар, демаслиги учун шундай бўлди.
Бу борада Қуръон ўзига хос йўл тутиб, аввало, араблардан Қуръонга ўхшаш бир нарсани ижод қилишни талаб қилди. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай дейди:
«Сен: «Агар ростгўйлардан бўлсангиз, Аллоҳнинг ҳузуридаги у иккисидан кўра тўғрироқ бир китоб келтиринг, мен унга эргашаман», дегин.
«Агар сенга жавоб бера олмасалар, бас, билгинки, улар фақат ҳавойи нафсларига эргашмоқдалар, холос. Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавойи нафсига эргашгандан кўра ҳам гумроҳроқ кимса борми?! Албатта, Аллоҳ золим қавмларни ҳидоят қилмас».
Мана шу оятдаги талаб Қуръондан бор-йўғи қирқ еттита сура тушган вақтда бўлган эди. Араблар Қуръонга ўхшаш китобни қандай қилиб тузишни билолмай ҳайратда қолдилар. Бунинг учун улар жуда кўп уриндилар, лекин қўлларидан келмади, ожиз қолдилар. Шунинг учун ҳам Қуръонниннг «Исро» сурасида, улар бу ишни асло бажара олмасликлари, балки барча инсонлар ва барча жинлар биргалашиб ҳаракат қилсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш китобни келтира олмасликлари таъкидлаб ўтилган. Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Айт: «Агар инсу жинлар жам бўлиб, бир-бирига ёрдам бериб уринсалар ҳам, Қуръонга ўхшаш нарсани келтира олмайдилар».
Шундан сўнг, иккинчи босқичда, Қуръон улардан ўнта сура келтиришни талаб қилди. Бу борада «Ҳуд» сурасида шундай дейилади:
«Ёки: «Ўзи тўқиб олди», дерларми? Сен: «Бас, агар ростгўй бўлсаларингиз, Аллоҳдан бошқа кимни чақиришга қодир бўлсангиз, чақириб, бунга ўхшаш ўнта тўқилган сура келтиринг-чи», дегин».
«Агар жавоб бера олмасалар, бас, билингки, у фақатгина Аллоҳнинг илми ила нозил қилингандир. Ундан ўзга бирон илоҳ йўқдир. Энди мусулмон бўларсизлар?!»
Лекин иймонсизларнинг барчаси ожиз қолди. Бунга тарих ҳозирги кунимизгача гувоҳдир. Шуни айтиб ўтиш керакки, Аллоҳ таоло улар Қуръоннинг сураларига ўхшаш ўнта сура келтиришдан ожиз қолганликларини Қуръоннинг илоҳий китоб эканлигига ва Ўзининг ягоналигига далил қилиб келтирди.
Учинчи босқичда, Қуръон улардан битта сура келтиришни талаб қилди. «Бақара» сурасида Аллоҳ таоло шундай дейди:
«Ва агар бандамизга туширган нарсамизга шакингиз бўлса, унга ўхшаш бир сура келтиринг ва рост сўзловчилардан бўлсангиз, Аллоҳдан ўзга гувоҳларингизни чақиринг».
«Бас, агар қила олмасанглар, ҳеч қачон қила олмайсизлар ҳам, ёқилғиси одамлар ва тош бўлган, кофирлар учун тайёрланган ўтдан қўрқинглар».
Бундай гапни, яъни унга ўхшаш нарсани ҳеч қачон келтира олмасликлари ҳақидаги ҳукмни ҳеч бир инсон айта олмайди. Чунки инсон ер юзида ўзидан кучли ёки ўзи билан тенг кучга эга шахснинг йўқ эканлигини ҳеч қачон билмайди. Шунинг учун ҳам юқоридаги гапга ўхшаш гапни айтишга тили бормайди. Лекин Аллоҳ таоло ҳамма нарсани билгувчидир. У Зот Ўз бандаларининг Қуръонга ўхшаш нарсани келтира олмаслигини аниқ билгани учун бу гапни айтган ва ҳақиқатан ҳам шундай бўлиб чиқди.
Мана, бир неча аср ўтди, авлодлар кетидан авлодлар келди, қанча-қанча улкан уламолар, ёзувчилар, тил усталари, танқидчилар – барчалари ўз асарларида Қуръоннинг мўъжизакор эканини ва барча инсонлар унга ўхшаш нарса келтира олмасликларини тан олишдан бошқа иложлари бўлмади.
Қуръон Муҳаммад алайҳиссаломнинг мўъжизаларидир. Ҳар бир Пайғамбарнинг ўз уммати яхши биладиган бирор ҳунар ёки шунга ўхшаш нарсадан мўъжизаси бўлган.
Фиръавн қавми математика, табиат ва айниқса, сеҳрга жуда уста эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло уларга юборган Пайғамбари Мусо алайҳиссаломга берган мўъжизасини шуларга мос қилиб бердики, аввало уламо ва сеҳргарлар Мусо кўрсатаётган нарса Аллоҳ тарафидан берилган эканлигига иймон келтирдилар. У кишининг ҳассалари илонга айланиб, сеҳргарларнинг сеҳр қилган нарсаларини ютиб
Ийсо Пайғамбар келганда эса кишилар орасида табиат илми ва тиб ривожланган бўлиб, улар руҳий нарсаларни инкор қилар эдилар. Шунда Аллоҳ таоло Ийсо алайҳиссаломга кўр бўлиб туғилганларнинг кўзини очиш, тузалмайдиган касалларни тузатиш ва ўликларни тирилтириш мўъжизасини берди.
Ҳақиқатни айтганда, аввалги пайғамбарларнинг мўъжизалари вақтинчалик мўъжизалар эди. Чунки пайғамбарлар тириклик вақтида бу мўъжизалар ўз таъсирини ўтказиб туриб, улар вафот этгандан сўнг йўққа чиқар эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўзининг охирги шариати учун боқий мўъжизани ихтиёр этди. Бутун оламлар учун сўнгги ва умумий Пайғамбар қилиб танланган ҳабиби Муҳаммад алайҳиссаломга Ўзининг Каломини бош мўжиза сифатида нозил қилди.
Бу китоб ўзининг ҳидояти, қонун-қоидалари, услуби ва маънолари билан башариятни ожиз қолдирган, қолдириб келмоқда ва шундай бўлиб қолади. Чунки Қуръон башариятнинг ақли тараққий этган бир пайтда шу тараққиётга мос бўлиб тушди. Ҳар қандай соғлом фикрли киши турли бузғунчи фикрлардан холи бўлган ҳолда Қуръонни ўрганса, албатта у илоҳий мўъжизакор китоб эканлигини тан олиши турган гап. Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан ўтганларидан кейин ҳам мўъжизакорлик ҳолида турибди ва қиёматгача тураверади.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.