Муаллифдан


Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Аллоҳ таолога чексиз ҳамду санолар, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга салавоту дурудлар бўлсин. ­Аллоҳ таолонинг инояти ва марҳамати ила бир тафсирга қўл уриб иш бошладик. Бу ишни эса Қуръони Карим тарихи, у ҳақдаги тушунча, тафсир ва таржима тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган муқаддима билан бошласак, яхши бўлар, деган фикрга келдик.

«Қуръон» сўзи араб тилидаги ибора бўлиб, «қироат» маъносини билдиради. Уламолар таърифида эса:

«Қуръон – Аллоҳнинг мўъжиза каломи бўлиб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳий орқали тушган, тиловати ибодат ҳисобланувчи китобдир».

Демак, Аллоҳ таолонинг каломидан бошқа калом ҳеч қачон ­Қуръон бўла олмайди. Жумладан, Муҳаммад алайҳиссаломнинг каломлари ҳам Қуръон бўла олмайди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг каломлари ҳадис бўлади. Аллоҳ таолонинг инсон зоти келтира олмайдиган қилиб, махсус нозил қилган мўъжизакор каломигина Қуръон бўлади. Мисол учун, ҳадиси қудсийлар Аллоҳнинг каломи бўлса ҳам, ожиз қолдирувчи сифатига эга бўлмагани учун, Қуръон бўла олмайди.

Аллоҳ таолонинг каломининг Қуръон бўлиши учун зарур шартлардан яна бири, Муҳаммад алайҳиссаломга ваҳий қилинган бўлишидир. Аллоҳ таолонинг бошқа пайғамбарларга нозил қилган каломи ҳам Қуръон ҳисобланмайди.

Қуръони Каримни бошқа каломлардан ажратиб турувчи яна бир энг муҳим сифат унинг тиловати ибодат ҳисобланишидир. Шунинг­дек, уни ибодатда тиловат қилиш шартлигидир. Яна ҳам соддароқ қилиб айтадиган бўлсак, Қуръон тиловати бўлмаса, намоз бўлмаслигидир.

Қуръони Каримнинг луғавий ва истилоҳий маъноларини ўрганиб олганимиздан кейин, энди унинг Аллоҳ таолодан бизларгача қандоқ етиб келгани ҳақида ҳам икки оғиз тўхталиб ўтайлик.

Аллоҳ таоло Ўзининг сўнгги каломини Ўзининг сўнгги Пайғамбарига Ўзининг ваҳий фариштаси Жаброил алайҳиссалом орқали нозил қилди. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бу дастури илоҳийни ўз саҳобаларига – мусулмонларнинг энг афзал авлодига Жаброил алайҳиссаломдан қандоқ қабул қилиб олган бўлсалар, шундоқ қилиб етказдилар. Ўз навбатида, саҳобаи киромлар ўзларидан кейинга авлодга, улар ўзларидан кейингиларга Қуръони Каримнинг ҳар бир ҳарфини ўта аниқлик билан етказдилар.

Шундоқ қилиб, Қуръон Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдан бизларгача сон-саноқсиз кишилардан омонатли ва аниқ нақл орқали етиб келгандир, яъни кўплаб ишончли кишилар ёдлаб бир-бирларига ишонч билан ўргатиб ўтишгандир.

Муносабатдан фойдаланиб, ваҳийнинг ўзи нима ва у Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга қандай келганлиги билан танишиб чиқайлик.

Ваҳийнинг луғавий маъноси – Аллоҳ таолонинг ўз пайғамбарларига зудлик билан юборган диний кўрсатмаларидир.

Ваҳий фаришталар орқали ёки бевосита Аллоҳ таоло билан роз айтиш (гаплашиш) орқали ҳам келиши мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса ваҳий қуйидаги ҳолларда тушган:

Оиша онамиз розияллоҳу анҳо айтадиларки:

1. «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ваҳийнинг биринчи келиши ўнгидан келган туш бўлган. Кўрган ҳар бир тушлари уйғоқлик вақтларида ҳам худди тонг ёруғидек келар эди.

2. Фаришта ўзи кўринмай туриб, Пайғамбар қалбларига керакли хабарни етказар эди.

3. Қўнғироқ чалингандек овоз чиқариб келар эди.

4. Жаброил фаришта Пайғамбаримизга одам шаклида бўлиб кўринар эдилар».

Шу тўғрисида «Саҳиҳи Бухорий» китобида қуйидаги ҳадиси шариф келтирилган:

«Ҳорис ибн Ҳишом Пайғамбаримиздан: «Ё Расулуллоҳ, сизга ваҳий қандай келади?» деб сўрабди. Шунда Ул жаноб қуйидаги жавобни берибдилар: «Аҳёнда худди қўнғироқдек жаранглаб келади, шуниси менга қийин. У кетгандан кейин ҳамма нарсани мен ўзимда сингдириб олган бўламан. Гоҳида эса фаришта менга одам шаклида келиб сўзлаб кетади ва унинг айтганларини англаб оламан».

5. Фаришта ўзининг асл шаклида кўринади ва ваҳийни етказади.

6. Аллоҳ таоло Пайғамбар алайҳиссалломга меърож кечасида намозни фарз қилиш ва шунга ўхшаш баъзи нарсаларни бевосита ваҳий қилган.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф