«Тафсири Ҳилол»
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Қуръонни инсоният учун қиёматгача боқий ҳидоят маёғи, барчани ожиз қолдирувчи баёни ва икки дунё саодатига элтувчи дастуруламал қилиб нозил этган Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсин!
Қуръонни Роббул оламиндан қабул қилиб олган, уни бутун оламларга омонат ила етказган, ҳам ўқишни, ҳам уқишни ўргатган, ҳаётга тамомила татбиқ этиб кўрсатган севимли Пайғамбаримиз, Аллоҳ таолонинг ҳабиби Муҳаммад Аминга энг пок ва энг юксак салавоту дурудлар бўлсин!
Имом Муслим ва Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳимо Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганларини ривоят қиладилар: «Сизларга икки нарсани қолдирдим. Уларни маҳкам тутсангиз, зинҳор залолатга кетмайсиз. Улар – Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбарининг суннати».
Пайғамбарларнинг меросхўрлари бўлган уламои киромларнинг вазифаси ҳам асри саодатдан то қиёматга қадар айнан ушбу илоҳий омонатни – Қуръон ва Суннатни халққа етказиш бўлиб келган ва келмоқда. Аллоҳ таолога ҳамдлар бўлсинки, ушбу улкан масъулиятни шараф ила адо этган уламоларнинг вакили бўлган шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг ҳам ана шундай улуғ хизматлари бор. Устозимиз ҳам халқимизга Қуръон ҳамда Суннатни етказдилар. «Тафсири Ҳилол» шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг Қуръонни етказишдаги улкан меҳнатлари маҳсули бўлса, «Ҳадис ва ҳаёт» туркуми Суннати набавийяни етказишдаги фидокорона хизматлари бўлди. Ҳазрат Қуръон ва Суннатни ўрганиш ва ўргатиш борасида яна бошқа қатор асарлар ҳам ёзганлар, бироқ «Тафсири Ҳилол» халқимизнинг қалб тўридан муносиб ўрин олиб, у кишининг шоҳ асарлари бўлиб қолди.
Замонамиз уламоларининг эътироф қилишича, «Тафсири Ҳилол»нинг яратилиши халқимизнинг маънавий ҳаётида, Ватанимизнинг тарихида улкан воқеа бўлди. Аввало, бу асар Мовароуннаҳрда тафсир ёзиш анъанасининг қайта тикланиши бўлди. Қолаверса, бу асар давр тақозоси билан она тилимизда ёзилган илк тафсирлардан бири бўлди. Шунингдек, «Тафсири Ҳилол» чоп этилиши юртимизда нафақат тафсир илмининг, балки умуман диний адабиётнинг қайта тикланишига туртки бўлди.
Бундан ташқари, «Тафсири Ҳилол»нинг дастлаб «Шарқ» нашриётида, сўнг «Ҳилол-нашр» матбаасида чоп этилиши юртимизда матбаачилик, муқовасозлик соҳаларини ҳам ривожлантириб юборди. Аммо «Тафсири Ҳилол» асарининг энг муҳим, энг асосий самараси салкам бир аср давом этган мустабид тузум даврида динидан, тилидан, китобидан маҳрум бўлаёзган халқимизнинг ўзликка қайтиши, диний қадриятларини англаши ва илоҳий масдар – Аллоҳнинг Каломи билан ўз она тилида танишиши бўлди. Муаллиф ҳазратлари ушбу тафсир «жаҳолат зулматида янги ойдек порлаб, маърифат ёғдусини сочсин» деган умидда яхши ният билан «Ҳилол» деб ном қўйган эдилар. Алҳамдулиллаҳ, орзулари ушалиб, бугунги кунда ҳилол атрофида юзлаб илму ирфон юлдузлари ҳам порламоқда.
«Тафсири Ҳилол» асарининг яна бир ўзига хос жиҳати, муҳим хусусияти унинг муқаддимасидир. Ушбу муқаддимадан динимиз Ислом ҳақида, унинг дастури Қуръони Карим ҳақида комил ва шомил маълумотлар ўрин олган. Муқаддима ўқувчини Қуръони Карим билан таништиради, уни ўқиш, англаш ва ундаги илоҳий кўрсатмаларга амал қилишга ундайди. Шу боис, муаллиф Қуръон ўқишни инсон умридаги энг савобли, энг баракали ва энг фойдали фаолиятнинг ибтидоси деб атайди.
Ушбу тафсирни ўқишни оддий фаолият эмас, балки Роббул оламиннинг каломини ўқиш, Қуръони Карим оятларининг маъносини ўқиш, илоҳий дастурнинг тафсирини ўқиш эканини таъкидлаб, бундай улуғ иш учун алоҳида ҳозирлик, ҳиммат, ғайрат, эътибор ва саъй-ҳаракат зарурлигини айтади. Зеро, Каломуллоҳни биринчи бор Аллоҳ таолодан қабул қилиб олган зот, Аллоҳ таолонинг каломига энг биринчи рўбарў бўлган зот, Каломуллоҳни инсониятга етказган зот – севимли Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каломуллоҳнинг бошқа каломлардан фазли Аллоҳ таолонинг барча махлуқотларидан фазличадир», деганлар.
Аллоҳ таоло ушбу китоб орқали Ўзининг каломи шарифига ошно бўлишни насиб этгани улкан ва беназир саодатдир. Бинобарин, тафсир ўқисак, дунёдаги энг улуғ, энг муқаддас, энг пок, энг баракотли китобни ўрганаётган бўламиз. Муаллифнинг Қуръонга бўлган чуқур муҳаббати ила йўғрилган ушбу тафсир китобхонларимизга ана шундай тақдим қилинган.