Ушбу тафсирнинг баъзи хусусиятлари


Халқимизнинг Ислом дини асосларини, Қуръони Карим маъноларини билишга чанқоқлигини эътиборга олиб, ҳамда бир неча қимматли кишиларимизнинг далдалари билан инсоният ҳаётининг асосий дастури бўлмиш Қуръони Каримни имконимиз етган қадар тафсир қилишга киришдик. Бу ишда бизга салаф муфассир уламоларимизнинг (Аллоҳ барчаларидан рози бўлсин) бебаҳо тафсирлари қўл келди. Шу билан бирга, ҳозирги замонда пайдо бўлган бир қанча янги маълумотлардан ҳам фойдаландик. Халқимизнинг Ислом илмидан хабардорлик даражасини ҳисобга олиб, иложи борича содда тил ва содда услубни қўллашга ҳаракат қилдик.

Ҳар бир суранинг исми, маккий ёки маданийлиги, оятлар сони ҳақида маълумот берилгандан сўнг, шу суранинг мавзуси ҳақида қисқача маълумот бердик.

Ҳар бир оятни рақамлаб, аввал матннинг арабчасини ёздик, сўнгра ояти кариманинг маъноси берилди.

Сўнгра оят маъносини иложи борича содда қилиб, ўзбекча баён қилишга ҳаракат қилдик. Айни пайтда, Каломуллоҳда келган, жонли тилда бузиб талаффуз қилинаётган бир қанча сўзларни Қуръони Каримга мос равишда бердик. Бунда «Аллоҳ таолонинг каломи ўзгармас» деган мавқифга асосландик. Ҳамда ҳар бир мўмин-мусулмон Аллоҳ таолонинг каломини ва унга боғлиқ барча нарсаларни ўта ҳурмат қилиши лозимлигидан келиб чиқдик. Шу нуқтаи назардан, хушуъ, хузуъ, рукуъ, қуруъ, ман, таъвил, жаннати наъийм каби сўзлар аслига мос тарзда ёзилди.

Тарихий шахслар ва жойлар номини аслига тўғри, яъни Ийсо, Масиҳ, Оиша, Мадина тарзида ёздик.

Аллоҳ таолонинг исмларини ҳам Қуръони Каримга асосланиб ёздик: Аллоҳ, Роҳман, Роҳийм, Fафур, Карийм, Ҳакийм...

Айни пайтда, Аллоҳ таолонинг исмлари бўлмаган тангри, худо, парвардигор каби сўзларни қўлламасликка ҳаракат қилдик. Қуръони Каримда келган Аллоҳ, Роббул оламийн каби исм ва сифатларнинг ўзини ёзиш тўғри бўлар, деб ўйладик.

Дин (асли дийн), таҳорат (асли тоҳарат) каби сўзлар жонли тилда аслига тўғри талаффуз қилинса-да, баъзи бир мулоҳазаларга кўра, ҳозирча уларни адабий тил нормаларига мос шаклда ёздик.

Адабий тилда нисбатан кўп учрайдиган баъзи бир сўзларни эса бевосита тафсирда ўзбек тилидаги вариантини, оятлар таржимасида эса асл ҳолатини ёздик. Масалан: жума – жумуъа, манба – манбаъ ва ҳоказо.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим бўлган яна бир жиҳат бор. Одатда, зидлов боғловчилари ва тенг боғловчилар гап бошида келса, улардан сўнг вергул қўйилмайди. Аммо, мазкур тафсирнинг кўп ўринларида бу ҳолатнинг аксини кўришингиз мумкин. Чунки бизнинг фикримизча, гап бошида келган «аммо», «лекин», «бироқ», «чунки», «ва», «ҳам», «ҳолбуки» каби боғловчилар ўзидан кейин келган гапдаги маънони алоҳида таъкидлашга хизмат қилади. Бу маъно пунктуаъия, яъни тиниш белгиларининг қўлланиши бўйича ўзбек тилидаги биз билган ягона салмоқли рисола «Тиниш белгилари ва ёзма нутқ» (проф. К.Назаров) саҳифаларида ҳам алоҳида таъкидланган. Бинобарин, тафсирхонларимиз айнан мана шундай ўринларда янада эътиборлироқ бўлишлари мақсадга мувофиқдир.

Тушунтириш учун қўшилаётган сўзларни қавслар – ( ) ичига олиб ёздик. Улар ҳам кифоя қилмаса, ўз сўзимиз билан тушунтириш жумлаларини келтирдик. Оятларни бир-бирига боғлаш учун ҳам тушунтириш ёздик. Баъзи оятларнинг тушиш сабаблари ҳақида ривоятлар келган бўлса, уларни ҳам келтирдик. Баъзиларини тушунтиришга тарихий воқеаларни, қиссаларни келтириш зарур бўлса, келтирдик. Баъзи шахслар, қавмлар ҳақида қисқача маълумотлар ҳам бердик. Иложи борича оятлар тафсирида диёримизда тарқалган йўлни ихтиёр қилдик.

Ўқувчининг эътиборини Қуръони Карим матнидан четлатадиган маълумотларни зикр қилмасликка ҳаракат қилдик. Мисол учун, ­Аллоҳ таоло осмонни бекаму кўст яратиб қўйгани ҳақидаги оят тафсирида осмон ҳақидаги илмий маълумотларни хоҳлаганча келтириш мумкин, лекин биз ўқувчиларимиз бу каби маълумотларни бошқа манбалардан ўқиб олишган ёки ўқиб олишар, деган фикрда ортиқча баёнга йўл қўймасликка ҳаракат қилдик.

Қўлёзмани диний ақийда ва илмларимизни яхши биладиган кишиларга кўрсатиш билан бирга уларнинг фикр ва мулоҳазаларини ҳам эътиборга олдик. Албатта, инсон ожиз, агар бу камтарона иш муваффақиятли чиқса, Аллоҳнинг марҳаматидан, камчилик ва хатолар бўлса, Яратганнинг Ўзи афв айласин. Мақсад – кишилар озгина бўлса ҳам, Қуръони Каримдан хабардор бўлсинлар.

Лекин шу билан бирга, бу ишда камолни даъво қилишдан мутлақо йироқмиз. Яна бир бор Қуръони Карим ҳузурида ожизлигимизни таъкидлаб айтамиз. Сиз муҳтарам ўқувчиларимиздан бу камтарона ишда бир эзгулик ва муваффақиятни кўрсангиз, Аллоҳ таолонинг тавфиқи деб, барча нуқсон ва камчиликларни камина ходимингиздан деб, билишингизни ўтиниб сўрайман.

Кези келганда, ушбу иш аввало Аллоҳ таолонинг мадади ила амалга ошганини яна бир бор таъкидлаб У Зотга ҳамду санолар айтиш билан бирга, бизга бу ишни амалга оширишга ёрдам берган барча-барчага чексиз миннатдорлигимни билдиришни ўз бурчим деб биламан. Улардан баъзилари савоб умидида ўз номларининг зикр этилишини истамаган бўлсалар, бошқаларидан бунинг учун изн сўрай олмаганимиз туфайли уларнинг номи шарифларини зикр этмадик. Аммо тафсир ўқувчиларимиздан ул азизларнинг ҳақларига ғойибона дуо қилишларини умид қиламан.

Сиз азизлардан ушбу ишлар юзасидан бизнинг оламдан ўтган онаи меҳрибонимиз ҳақларига ва хусусан, биринчи устозимиз отамиз Муҳаммад Юсуф ҳазратлари ҳақларига дуолар умидида эканлигимизни ҳам айтиб ўтишни лозим деб биламан.

Ва ниҳоят, камина ходимингиз билан бу ишнинг иссиқ-совуқларини бирга татиб, доимий ҳамдард бўлиб, ишлаш учун барча шароитларни муҳайё қилишга қўлларидан келган барча ёрдамларни берган оиламизнинг барча аъзоларига чексиз миннатдорликлар изҳор этаман. Аллоҳ таоло ушбу камтарона амални ўз даргоҳида қабул этсин. Ҳаммамизни ҳидоятда собитқадам қилсин.

Ва охирги дуомиз оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин, демоқликдир.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф