Қуръонни қандоқ ўқиймиз

Одатда, бирор китобни қўлга олганда, унинг исмини ўқиш билан ичида нима ҳақда гап кетиши аниқ бўлади. Бирор маълум нарса ҳақида маълумот билмоқчи бўлган шахс ўша нарса ҳақидаги боб ёки бўлимни очиб ўқийди-да, саволига жавоб топади.

Қуръонда эса боб ёки бўлимлар йўқ. Ҳа, у ўзига хос илоҳий китоб, шунинг учун ҳам, у ўзига алоҳида эътибор, алоҳида ёндашишни талаб қилади. Шунинг учун ҳам уни юмшоқ ўринда ястаниб ўтириб, ҳавасга варақлаб, кўз югуртириб чиқиб, сўнг токчага териб қўяман, деганлар хато қиладилар. Қуръон бир ўқиб чиқадиган, тасалли учун, вақт ўтказиш учун керак бўладиган нарса эмас.

Қуръони Карим бандаларни икки дунё саодатига эриштириш учун туширилган илоҳий дастур. У ҳидоят китоби бўлиб, кимё, физика, тиб, тарих, жуғрофия ва бошқа соҳалардаги оятлар ҳам инсон ақлига хитоб. Уларда ўқувчи шу нарсалардан ибрат олиб ­Аллоҳ таолонинг қудратига ишонсин, ҳидоят йўлини топсин, деган ғоя бор. Шу билан бирга, Қуръондек муқаддас китобда мазкур нарсаларнинг зикр қилиниши доимо мусулмонларнинг ўша нарсаларга қизиқишини орттирган, уларни ўрганишга чорлаган, шунинг учун ҳам, улар Қуръонга, унинг таълимотларига яқин бўлганларида, амал қилганларида дунё халқлари ичида пешқадам бўлганлар. Ибн Сино, Форобий, Улуғбек, Беруний, ал-Хоразмий, Навоий ва бошқа улкан алломалар етишиб чиққан.

Қуръони Каримни тушуниш учун катта тайёргарлик керак. Аввал айтганимиздек, унинг оятлари йигирма уч йил давомида ҳаётга аралашиб тушган. Демак, ўша ҳаётнинг нозик тарафларигача билиш керак, оятларнинг тушиш сабаблари, бўлиб ўтган воқеалардан хабардор бўлиш керак. Уни бир-икки ўқиш билан ниҳоясига етиб бўлмайди. Аксинча, қайта-қайта ўқиш жараёнида ҳар сафар янгидан-янги маънолар чиқаверади. 1400 йил аввал бепоён саҳронинг содда ҳаётидан бошқа нарсани билмаган, тили, ҳаёт тарзи табиий ҳолатга яқин бўлган арабни ҳайратга қўйиб, қалбига йўл топган бу илоҳий китоб, ҳозирги кунда техник тараққиёт, илмий юксалиш, маданий ўсиш чўққисига чиққан, ҳамма нарсани мураккаб электрон ҳисоблаш ускуналари бажараётган жамиятнинг серташвиш аъзоси қалбига ҳам йўл топмоқда. Чунки Қуръонни очиқ фикр билан ўқиб, уқиб, мулоҳаза этишлари билан бирга уларнинг фахри бўлган электрон ҳисоблаш машиналари ҳам «Қуръон – илоҳий китоб», деб бир овоздан айтмоқда. Бу машиналар Қуръони Каримнинг ҳарфлари, сўзлари ва жумлалари ҳам саноқли эканини ва бу улкан мўъжизалигини таъкидламоқда. Миср­лик олим Абдураззоқ Навфал «Қуръондаги ададий мўъжизалар» номли китобни ёзиб, электрон машиналарнинг сўзини

Тажриба учун тўрт киши – араб мусулмон, араб номусулмон, арабмас мусулмон ва арабмас номусулмонларни олиб, уларга ­Қуръон тиловатини эшиттириб, махсус электрон асбобларда руҳий таъсирланишларини синашса, бир хил чиқибди. Мўъжизани қаранг, Қуръонни тушунадигану тушунмайдиган, унга эътиқод қиладигану эътиқод қилмайдиганлар барчаси бараварига таъсирланса! Аллоҳ таоло хоҳласа, яна янги илмий кашфиётлар бўлса, Қуръоннинг мўъжизалари янада кўпаяверади. Демак, Қуръонга жиддий ёндашмоқ, уни ўқиб-уқмоқ керак.

Қуръони Карим ўқиб-уқмоқ китоби бўлибгина қолмай, уқиб амал қилмоқ китоби ҳамдир. Агар ўқиган одамнинг уққани ҳақ бўлса, амалга ўтмоғи муқаррар. Чунки Қуръон биринчи бор тушганда, унинг биринчи оятлари «Ўқи!» дейиш билан бирга, Муҳаммад алайҳиссаломни «Тур!» деб турғазиб, дунёга иймон нури таратишга чорлаган. Унга иймон келтирган оз сонли илк мусулмонлар ҳам барча қийинчиликларга қарамай, роҳатни унутиб, бошқалар ҳам улар баҳраманд бўлган неъматдан – Ислом, Иймон неъматидан баҳраманд бўлсинлар деб, ҳаракатга тушганлар. Ўзлари бўлса, ўқиб-ёдлаб ўрганган ҳар бир оятга амал қилмай туриб иккинчисига ўтмаганлар. Оқибатда ер юзида икки оёғида юрадиган кўплаб тирик «Қуръон»лар юзага келган. Улар бутун дунёга Ислом, Иймон нурини таратганлар, одамларни ботил динлар зулмидан Ислом адолатига, ўзи каби бандаларга бандалик қилишдан бандаларнинг Роббига бандалик қилишга, дунёнинг торлигидан охиратнинг кенглигига олиб чиқишган.

Шу жумладан, бизнинг она Мовароуннаҳр халқи ҳам Исломни ва Қуръонни худди намликка чанқоқ ер барака ёмғирини ютиб олгандай кутиб олди. Бу ёмғир таъсирида серҳосил ўсимликлар ўсиб чиқди. Тез орада бутун дунёга номи кетган улкан алломалар етишди. Диний ва дунёвий илмларнинг барча соҳаларида пешқадам устозлар олам бўйлаб донг таратдилар. Бошқа ерлардан кўра бизнинг еримиздан шунчалик кўп алломаларнинг чиқиши бу диёр аҳолиси Исломга нақадар мос эканининг далили бўлса, бошқа даврларда эмас, фақат Ислом даврида бунча аллломаларнинг чиқиши Исломнинг бу диёр аҳолисига мос эканининг далилидир.

Ҳа, барча қатори бизнинг халқимиз ҳам қачон Қуръонга яқин бўлса, уни яхши тушуниб амал қилса, бахт-саодати мукаммал бўлаверган.

Қуръони Карим бизгача етиб келган ҳолида Аллоҳ таолодан нозил бўлганлиги, унинг мўъжизакор каломи экани ҳақдир. Кимки бирор оятни инкор этса, мусулмонлик доирасидан чиқади.

Қуръоннинг матни ҳақидаги қатъий гап шу бўлса, энди унинг маъноларини тушуниш тўғрисидаги гап бошқача. Инсоннинг уринишига, ақл-заковати ва билимига қараб Қуръон маъноларини тушуниш ҳам турлича бўлади. Шунинг учун ҳам уламоларимиз:

«Инсоннинг Каломуллоҳни тушуниш учун қўлидан келганича қилган ҳаракати тафсирдир», деганлар. Турли йўналишдаги сон-саноқсиз тафсирлар ичида бизнинг диёримиз уламолари қилган тафсирлар муҳим ўрин тутади.

Имом Фахриддин Розийнинг китобларини Ислом олами ҳурмат билан «Тафсири Кабир» – «Катта тафсир» деб атаса, Имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Кашшоф» тафсири ҳақида уламолар: «Кашшоф» бўлмаганда Қуръони Каримнинг маънолари кашф бўлмай қоларди, дейдилар.

Имом Абу Мансур Мотуридий Самарқандийнинг «Таъвийлоту аҳли Сунна» тафсирлари ва бошқа китоблари учун Ислом олами бу зотни «Аҳли сунна ва жамоа» мазҳаби ақийдасининг ислоҳчиси» деб номлаганлар.

Имом Абул Баракот Насафийнинг «Мадорикут танзил» тафсирлари ҳозиргача Ислом ўқув юртларида ўқув қўлланмаси бўлиб келмоқда.

Қуръони Каримнинг таржимасига келсак, уни ҳеч бир тилга мукаммал таржима қилиб бўлмайди. Чунки арабча матн мўъжизакор, бу араб тилига хос, унинг имкониятларидан келиб чиққан, шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китобига ушбу тилни ихтиёр қилган. Бу хусусиятлар ўзга тилларда йўқ. Лекин Қуръон маъноларини таржима қилишга уламоларимиз рухсат берганлар, буни зарурий нарса, деб таъкидлаганлар.

Қуръони Карим маъноси дунё халқларининг тилларига таржима қилинган. Шу жумладан, қатағондан сақланиб қолиш учун Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилган Олтинхон тўра домла (Маҳмуд Тарозий) томонларидан ўша вақтдаги ўзбек тилига таржима қилинган. Ҳиндистонда чоп этилган ва баъзи нусхалари бизга ҳам етиб келган. Бошқа уринишлар ҳам бўлган-у, лекин оммага етиб бормаган.

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, ҳозирда Қуръонга қайтиш бошланди, уни ўқишни ўрганаётганлар кундан-кунга кўпайиб бормоқда. Табиийки, маъносини билишни истовчилар ҳам кўпайиб бормоқда.

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф.